ТОШКЕНТ, 22 янв – Sputnik. Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарё вилоятига бўлган ишчи ташрифи давомида селектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Сурхондарё вилоятининг барча туманлари вакилларига навбатма-навбат сўз берилди. Улар ўз туманларида мавжуд бўлган муаммоларни айтиб, уларни ҳал қилишда президентдан ёрдам сўрашди.
Хусусан, Бойсун тумани вакили, сўзга чиқиб Бойсунда узоқ йиллардан бери ҳал қилинмай келган сув муаммосини ечишда ёрдам бергани учун президентга миннатдорлик билдирди. Вакилнинг сўзларига кўра, президент қарори билан ажратилган 52 млрд сўм ёрдамида 18 қишлоқ сув билан таъминади.
“Халқ, айтинг президентимизга, 4-5 ойда сув келади, бизнинг Бойсунимизда меҳмон бўлсин, бир пиёла чой ичсин”, — деб бойсунлик отахон туман халқи таклифини президентга еткизди.
Мизробод тумани вакили, туман ҳудудидан ўтган, давлат аҳамиятига эга бўлган йўлларни таъмирлашда ёрдам сўради.
“Меҳнатобод, Меҳригиё, Сополлитепа маҳаллаларини кесиб ўтувчи 16 км, Янгидиёр маҳалласидан Қоракамаргача бўлган умумий 30 км йўл абгор аҳволда. Шуни таъмирлашда ёрдам берсангиз”, — деди вакил.
“Мингдан минг сизга раҳмат. Менга дўст бўлган одам камчиликни айтади. Камчиликларимизни айтаверсак эртага олдимиздан чиқади, бир-бировимизни мақтайверсак – эртага у ҳам олдимиздан, бугунгидек (муаммо кўринишида) бўлиб чиқади”, — деб президент муаммони очиқ айтган вакилга миннатдорлик билдирди.
“Узун тумани маркази шаҳарсозлик бўйича талабга жавоб бермайди. Иш ўринлари ва йирик саноат корхоналари етишмайди”, — деди Узун тумани вакили.
Президент, ҳақиқатдан ҳам ушбу туманда шаҳарсозлик борасида совет давридан кейин ҳеч нарса қилинмаганини қайд этди.
“Ҳоким билан шошилмасдан режа тузинглар, қандай йўллар, уйлар, поликлиникалар қурилади. Бир ой ичида. Иш ўринлари яратиш бўйича Марказий банк билан бориб иш билан таъминлаш режасини берсизлар”, — деди Шавкат Мирзиёев.
Жарқўрғон тумани вакили туманда 100 км дан узунроқ коллектив зовурлар борлигини, лекин охирги йилларда улар сифатли қазилмаётганини айтиб, тўртта секторга тўртта юқори унумдорли экскаватор беришни сўради.
“Ҳамраев тўртта янги экскаватор 15 кунда етказиб берасиз”, — деди президент.
Қумқўрғон вакили, туманда кўп қаватли уйлар кўплиги, лекин канализация йўқлиги таъкидлади ва лойиҳа асосида канализация ташкилллаштирда ёрдам сўради.
“Тўғри масала кўтардингиз. Биз соғлиқни деяпмиз, канализация энг муҳим масала. Буни албатта бу йил тугатиб берамиз”, — деди президент.
Саросиё тумани вакили сўзга чиқиб — Бизда мева сабзавотлар жуда кўп етиштирилади, лекин уларни қайта ишлайдиган корхона етарли эмас. Бизда саноат ҳам унчалик ривожланмаган. Иложи бўлса шу етиштирилган маҳсулотни районда қайта ишлаш учун имконият яратишга амалий ёрдам берсангиз, — деди.
Президент Саросиё вакилининг сўзларини маъқуллади ва келажакда туман пахтасини йилдан йилга камайтириб мева сабзавотга ўтказилиши мумкинлигини, лекин қайта ишлайдиган корхона бўлмаса у ерда натижа бўлмаслиги таъкидлади.
“Сурхон элини мен жуда ҳурмат қиламан. Нимагаки, сизлар айтсанглар – бажарасизлар. Сизлар камгапсизлар, лекин мардсизлар. Бу ҳақиқат.
Мана шундай танти халқ, яхши яшашга, яхши шароитда яшашга ҳақли. Лекин шу шароитни яратишга ҳаммамиз белимизни маҳкам бойлаб, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилсак — ана шунда натижа бўлади. Халқимизга хиёнат қилмасак, ёлғон гапирмасак, адолат билан хизмат қилсак.
Худо насиб қилсин, 3-4 йил ичида Сурхондарёда таниб бўлмайдиган даражада ўзгаришлар бўлади. Чунки халқимиз адолатли сиёсатга ишонаяпти. Ёш ўсиб келаётган халқимиз — эртанги кунга ишоняпти. Оиламиз тинч бўлсин”, — деб сўзини якунлади президент.