ТОШКЕНТ, 19 янв — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида Сурхондарё вилоятига жўнаб кетди, деб хабар қилди президент матбуот-хизмати.
Сурхондарё вилояти 1941 йил 6 мартда ташкил топган. Аҳолиси сони 2 миллион 500 минг. Умумий ер майдони 20,1 минг квадрат километр. Вилоятда 280,8 минг гектар экин майдони мавжуд. Шундан суғориладиган ерлар — 240,9 минг гектар. Вилоят маркази — Термиз шаҳри. Вилоятдаги 13 та туманнинг ҳар бири ўзига хос салоҳиятга эга. 24 йирик саноат корхонаси, 60 қўшма корхона, 11 мингдан зиёд кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда.
Президент 2017 йил 10-11 февраль кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида кўплаб истиқболли лойиҳалар билан танишган ва ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан зарур топшириқлар берган эди.