ТОШКЕНТ, 17 янв — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш қўмитаси раҳбари Азиз Абдуҳакимов ички туризмни миллий ғояга айлантириш истиқболлари ва бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида гапирди.
У бу борада маълум чора-тадбирлар кўрилаётганини маълум қилди.
"Эсларингизда бўлса, Ипотека кредитлари бўларди. Солиқ тўланганда, давлатни солиғини кредитни ёпишга ишлатиш мумкин эди. Ҳозирда президент қўллаб-қувватлаши ва Молия вазирлиги маъқуллаши билан шунга ўхшаш тизим яратилаяпти", — деди Абдуҳакимов.
Таъкидланишича, ички туризмни ривожлантириш мақсадида давлат томонидан ҳам ишловчиларга ҳам иш берувчиларга маълум имтиёзлар бериш кўзда тутилган.
Ўзбекистон туризмни ривожлантириш қўмитаси раҳбарининг сўзларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда раҳбарлар орасида Савицкий музейига қизиқиш ортган,
"Қиш фасли эканига қарамай, Савицкий тўлиб ётибди. Ҳаво —15 даража эканлигига қарамай, хоразмликлар ва Қорақалпоғистоннинг барча туманлари яшовчилари 1-2 кунга бу ерга айлангани келишмоқда", — деди Абдуҳакимов.
У шунингдек, бундай тадбирларни кўплаб амалга ошириш мумкинлигини қайд этди.