ТОШКЕНТ, 7 янв — Sputnik. Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Тошкент шаҳрининг Миробод туманида хайрия тадбири ўтказди.
"Жаҳон" ААнинг хабар беришича, туманда истиқомат қилаётган 111 нафар эҳтиёжманд, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оила вакиллари федерация томонидан кундалик турмушда зарур бўлган маиший техника жиҳозлари, хусусан, кир ювиш машиналари, газ плиталари, чангютгич ва кичик печлар билан таъминланди.
Бундан ташқари, бугунги кунда федерация томонидан 110 нафар эҳтиёжманд фуқаронинг уй-жойлари таъмирлаб берилмоқда. Шунингдек, 22 нафар уй-жойга муҳтож фуқарони турар жой билан таъминлаш ишлари олиб борилмоқда.
Қайд этилишича, бугунгача республика бўйича 22 минг 200 хонадонга маиший техника жиҳозлари, кам таъминланган оилаларда истиқомат қилувчи 1 минг 200 нафар беморга соғлиғини тиклаши учун 4 миллион сўмдан, 2 минг 200 оилага уй-жойларини таъмирлаш учун 10 миллион сўмдан моддий ёрдам кўрсатилди. Яна 400 оиланинг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.