ТОШКЕНТ, 31 дек — Sputnik. Лола Каримова — Тиллаева Instagram шахсий саҳифасида ўзининг янги йил табригини эълон қилди.
"Мен ушбу йилни юрагимда муҳаббат ва барча кунлар учун шукроналик ҳисси ила якунлаяпман. Кириб келаётган 2018 йилда сиз ва оила аъзоларингизга сиҳат-саломатлик, тинчлик, меҳр-муҳаббат ҳамда ишларингизда равнақлар тилаб қоламан. Истардимки, ҳар бир хонадонда қут-барака ва ҳар бир инсон қалбида тинчлик, ҳотиржамлик ҳукм сурсин; одамлар ҳаётга тинч ва ишонч назари билан қарасинлар.
Уй, ишхона ва кўчаларда, бир биримизга кўпроқ хайрихоқ бўлайлик. Ривожланиш, ишлаш, яратиш ғояларига тўла бўлган инсонлар, ушбу орзу ва режаларини амалга ошириш учун имкониятларга эга бўлсинлар. Ер юзидаги барча болажонлар тўқ, соғлом ва бахтли бўлиб юрсинлар. Бугунги кундай қуёшли кунлар кўпроқ бўлаверсин ҳамда барча инсонлар яхшилик ва эзгуликка ишонсинлар", деб ёзган Лола Каримова.