ТОШКЕНТ, 31 дек- Sputnik. Янги йил байрами тантаналари муносабати билан Берлин майдонидаги Бранденбург дарвозалари ёни илк маротаба аёллар учун "хавфсиз зона"лар билан жиҳозланади, деб хабар қилди Der Tagesspiegel.
Ушбу зоналар мувофиқлаштирувчи марказлар бўлиб, уларда махсус тайёргарликдан ўтган ходимлар шаҳвоний зўравонлик ёхд шилқимликлардан жабр кўрган аёлларга ёрдам беришлари мумкин бўлади.
"Хавфсиз зоналар" айнан мана шундай ҳодисаларнинг олдини олиш учун ташкил қилинмоқда.
Ташкилотчилар меҳмонларга мабодо "жаҳлдор чет элликлар" шилқимлик қиладиган бўлса, уларнинг ҳаракатлари ёқмаётганига тўғридан-тўғри ишора қилиш ва атрофдагиларга ёрдам сўраб мурожаат қилишни маслаҳат беришмоқда.
Германия полициячилар касаба уюшмаси ушбу янгиликни кескин танқид қилмоқда. "Ушбу чоралар билан биз хавфсиз зоналар билан бирга хавфли зоналар ҳам борлигини айтмоқчи бўляпмиз", — деб баёнот қилган уюшма етакчиси Райнер Вендт. У шунингдек, ушбу чорани ўйлаб топганлар мамлакатдаги сиёсий вазиятни яхши тушунмаслигини қўшимча қилган.
Аёлларнинг ҳар қандай жойда хавфсизликда бўлиш ҳуқуқи бор, деб қайд этган у.