ТОШКЕНТ, 29 дек — Sputnik. Тошкентда ғаройиб жиноят содир бўлди, деб хабар берди Sputnik мухбири.
63-йўналишдаги автобусда хайдовчи бўлиб ишлайдиган Бобир Зоировнинг айтишича, 28 декабрь куни соат тахминан 21:30ларда "Ботаника боғи" бекатига етиб келган вақтида автобусга икки нафар номаълум шахс чиқиб, унинг ўнг оёқ қисмига пичоқ билан тан жароҳати етказган ва автобус ғазнасида йиғилган 800 минг сўм пулни олиб кетишган.
Зоиров 4-сонли шаҳар клиник шифохонасига "ўнг оёқ сон қисмида санчилган-кесилган жароҳати" ташхиси билан мурожаат қилган.
Тошкент шаҳар ИИББ ходимларининг саъй-ҳаракатлари ва юксак касб маҳорати натижасида ушбу ҳодиса аслида бошқа кўринишда содир этилганлиги маълум бўлди.
"Б. Зоиров ғаразли, паст ниятда кўчада бўлган катта миқдордаги қарзини тўлаш мақсадида, ўзи бошқариб келган автобуснинг фаолиятидан тушган пулларни эгаллаб олишни режалаштириб, ушбу босқинчилик жиноятини таниши Ботир Жабборов билан биргаликда саҳналаштирганлиги ва ўз қилмиши ишончли бўлишини таъминлаш мақсадида ўзига ўзи пичоқ билан тан жароҳати етказганлиги аниқланган", деб маълум қилди пойтахт ИИББ.
Мазкур ҳолат юзасидан Б Зоиров ва Б. Жабборовларга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.