ТОШКЕНТ, 29 дек – Sputnik. "Ўзавтосаноат" АЖ "GM Uzbekistan" томонидан ишлаб чиқарилган ногиронлар учун мўлжалланган махсус мосламали Spark русумли автомобилни тақдим этди. Бу ҳақда "Ўзавтосаноат" матбуот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, "Ўзавтосаноат" АЖда "Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент фармони ҳамда "Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қарори ижроси юзасидан йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда компаниянинг "SamAuto" МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган пандусли LE60 автобуси ҳамда "GM Uzbekistan" АЖ томонидан ногиронлар учун мўлжалланган махсус мосламали Spark автомобили тақдим этилди.
Ушбу транспорт воситаларини кенг ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва уларни ногиронлиги бўлган шахсларнинг фойдаланишлари учун етказиб бериш масалалари муҳокама қилинди.
Маълумот берилишича, бугунги кунда Ўзбекистонда 600 мингдан ортиқ ногиронлар ҳаёт кечирмоқда.