ТОШКЕНТ, 29 дек — Sputnik. 2017 йилда юз берган ажойиб ҳодисалар хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларда кенг ёритилиб, жамоатчилик ўртасида фаол муҳокама қилинди.
"Данакер" орденини олган Мирзиёев
13 декабрда Ўзбекистонга ташриф буюрган Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков президент Шавкат Мирзиёевга "Данакер" ордени топширганди. Орденни қабул қилиб олган Мирзиёев ўз миннатдорлигини билдирар экан, самимий нутқ сўзлади.
Икки президентнинг ОАВ вакиллари учун баёноти ўз якунига етганида, зални орден билан тарк этаётган Ўзбекистон президенти журналистларга қарата ҳазил гап айтди.
"Эсларингизда бўлсин, бугунги матбуот-анжумани тарихий бўлди. Ўзбекистон президенти матбуот-анжуманини орден билан тарк этмаган шу пайтгача. Бу ордендаги тилла ва кумушлар икки халқ ўртасидаги дўстлик кўпригига ҳам етади".
Шпаргалка билан қўлга тушган абитуриент
1 август куни Тошкент давлат юридик университетига кириш учун ўтказилган имтиҳон пайтида абитуриентлардан бири тест синовларига шпаргалка билан киришган уринган. У ўз қўли билан мўъжазгина электрон қурилма ясаган ва тест синовларидан икки кун олдин ҳожатхонага яшириб қўйган.
Тест бошланиши билан у ҳожатга чиқиб келишга рухсат сўраган. У яшириб қўйган жойидан қурилмани олиб, имтиҳон бўлиб ўтаётган бинога қайтиб киришга уринган. Аммо унинг бу ҳийласи ўтмади. Қурилма фош этилди, "ихтирочи" эса имтиҳондан четлатилди.
Айтилишича, ўша вақтда бош вазир Абдулла Арипов тест синовлари қандай ўтаётганлиги билан танишиш учун келиб қолган. У электрон шпаргалкани қизиқиш билан кўздан кечирган, абитуриентнинг ихтирочилигини ҳазил аралаш баҳолаган ҳамда унга Тошкент ахборот технологиялари университетига киришни маслаҳат берган.
Путиндан бир латифа
14 декабрь куни Россия президенти Владимир Путиннинг катта матбуот-анжумани ўтказилди. Путинга "Россия ўз мудофаасига қанча маблағ сарфлайди ва бу ҳаражатлар мамлакат иқтисодиётига зарар етказмайдими?", — деган савол берилди. Путин ушбу саволга жавоб берар экан, эскироқ латифани ёдга олиб, "ўз армиясини боқишни истамаган давлат, бошқа мамлакат армиясини боқади", дели ва худди шу мавзуда замонавийроқ латифани айтиб берди. Собиқ офицернинг олдига ўғли келибди ва у ўғлидан:
— Мана бу ерда қисқа ханжар турганди, қани?, — деб сўрабди.
— Мени уришманг, мен уни қўшни ҳовлидаги болакайнинг соатига алмаштирдим, — жавоб берибди ўғил.
— Соатни кўрсатчи, ҳа, яхши соат. Лекин эртага уйимизга босқинчилар келиб, мени, ойингни, акаларингни ўлдиришса, синглингни зўрлашса… Сен уларга нима дейсан? Хайрли кеч, Москва вақти билан 12 дан 30 дақиқа ўтди дейсанми?
Путиннинг латифасидан кейин залда кулги кўтарилди.
"Энди даф бўлинг"
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров швейцариялик ҳамкасби Дидье Буркхальтер билан учрашуви олдидан швейцариялик журналист саволларига "ҳақиқий русча" жавоблар қайтарди.
Мухбир Лавровдан жаноб Буркхальтернинг БМТ Бош ассамблеясидаги сўнгги иштирокида унга қандай тилаклари борлигини сўради. "Ҳозир матбуот анжумани бўляптими?" — деди Лавров айни пайтда савол беришнинг мавриди эмаслигига шаъма қилиб. Сўнгра у журналистга ҳеч қачон "сўнгги" деган сўзни айтмасликни тавсия қилди.
"Нима ҳам дердим, жаноб Буркхальтер ўзига нимани тиласа унга шуни тилайман", — деди вазир. Сўнг эса "биз инсонларга нима тилашимиз эмас, ҳар бир инсон ўзига нима тилаши муҳимроқ" дея қўшиб қўйди.
"Ажойиб тилак бўлди, жуда русча", — деди Швейцария ташқи ишлар вазири ва Лавровга миннатдорлик билдирди.
"Энди эса даф бўлинг", — деди Россия вазири журналистга ва кулги кўтарилди.
Эрини кўзи билан "тешворай" деган Хиллари
Шу йил январь ойида Трампнинг қасамёди тадбирига келган Билл Клинтоннинг нигоҳи саҳнадамас, бошқа жойда бўлганини кўрган Хиллари эрига норози қарагани интернет фойдаланувчилари орасида қизғин муҳокамага дуч келди.
Хиллари Клинтоннинг тадбир вақтида чалғиб қолган эрига ўзига хос нигоҳ ташлагани ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эътиборидан четда қолмади.
Интернет фойдаланувчиларининг аксарияти лабини тишлаган Билл Дональд Трампнинг қизи — Иванкани "баҳолаяптиёв", дея тахмин қилишди.
Меланья Трамп Дональдни ноқулай аҳволга солди
АҚШ президенти Дональд Трампнинг рафиқаси Меланья унинг қўлини яна бир бор ушлашдан бош тортди. Воқеа АҚШ президенти самолёти Римга келиб қўнганида юз берган.
Лавҳада Трамп қўлини турмуш ўртоғига узатади. Аммо Меланья унинг қўлини ушлашни рад этади ва сочларини тўғрилашга киришади.
Илгарироқ президент самолёти Исроилга келиб қўнганида худди шундай ҳолат содир бўлганди.
Қошлар Трампга қарши
АҚШ президенти Дональд Трамп 24 июль куни Obamacare тиббий суғуртасини танқид қилувчи нутқ сўзлади. Аммо ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг эътибори Америка президенти чиқишига эмас, балки унинг ортида турган қошлари ғалати аёлга "михланди".
I feel so bad for this woman. This press conference is going to end and she's going to find out she's the talk of Twitter. #eyebrows #trump pic.twitter.com/jYy3WUxpii
— Daniel Heffner (@CoolHandDan26) 24 июля 2017 г.
Twitter фойдаланувчилари аёл қошларининг тузилиши Американинг собиқ президенти Барак Обама томонидан соғлиқни сақлаш тизимида ўтказилган ислоҳотлардан қониқмасликни ифодаламоқда, дея изоҳ бердилар.