ТОШКЕНТ, 28 дек — Sputnik. 2019 йил 1 январ санасидан бошлаб жисмоний шахсларнинг енгил автомобилларини техник кўрикдан ўтказиш фақатгина тадбиркорлик субъектлари — юридик шахслар томонидан амалга оширилади. Бу Ўзбекистон ҳукуматининг 22 декабрдаги қарорида кўзда тутилган.
Қарор матнида ёзилишича, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, ҳокимиятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги бир ой муддат ичида техник кўрикдан ўтказганлик учун тадбиркорларга тўланадиган тўловлар миқдорларини белгилаши лозим. Бунда транспорт воситаси тоифаси ҳисобга олинган ҳолда юридик ва жисмоний шахслар учун алоҳида дифференцияланган тўлов миқдорлари жорий этилиши лозим.
Ички ишлар вазирлиги доимий равишда тадбиркорларнинг техник кўрикдан ўтказиш борасидаги фаолиятини мониторинг қилиб, самарадорлигини таҳлил қилиб боради.
Ушбу қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон ИИВ раҳбари Пўлат Бобожонов зиммасига юклатилган.