ТОШКЕНТ, 27 дек – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидаги танқиддан кейин Молия вазирлиги тизимида 560дан ортиқ ходим ишдан бўшатилди. Бу ҳақда ЎзА хабарига таяниб РИА Новости хабар бермоқда.
Шавкат Мирзиёев Парламент палаталарига Мурожаатномасида Молия вазирлиги фаолиятини кескин танқид қилган, вазирлик раҳбариятига ўн кун ичида эскича тизимда ишлаётганлардан қутулиш кераклигини таъкидлаганди.
"22 декабрдан бугунги кунга қадар республика молия тизими муассасаларининг, хусусан, Молия вазирлиги, ғазначилик ва Пенсия жамғармасининг 562 нафар ходими ишдан бўшатилди", — дейилади молия вазирлиги хабарида.
Хусусан, Молия вазирлигининг ҳудудий бошқарма бошлиқлари томонидан жойлардаги молия идораларидан 273 нафар (23 нафари раҳбар ходим), ғазначилик идораларидан 65 нафар (12 нафари раҳбар ходим), Пенсия жамғармасидан 100 нафар (1 нафари раҳбар ходим), давлат молиявий назорати бошқармалари ходимларидан 100 нафари (4 нафари раҳбар ходим) ўз лавозимидан озод этилган.
Илгарироқ Мирзиёев танқидидан кейин Молия вазирлиги марказий аппаратидан 2 нафар бош бошқарма бошлиғи, 2 нафар бош бошқарма ўринбосари, 4 нафар бошқарма бошлиғи, 1 нафар бошқарма бошлиғи ўринбосари, 3 нафар бўлим бошлиғи ҳамда 4 нафар ходим, шунингдек, яна 8 ходим – жами 24 киши ишдан бўшатилгани хабар қилинганди.