ТОШКЕНТ, 26 дек — Sputnik. Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги Молия вазирлигидан ёппасига 50 киши ишдан олингани ҳақидаги миш-мишларга ойдинлик киритди, деб хабар бермоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
ЎзА берган расмий хабарга кўра, 22 декабр куни Мирзиёев танқидидан кейин Молия вазирлиги марказий аппаратидан 2 нафар бош бошқарма бошлиғи, 2 нафар бош бошқарма ўринбосари, 4 нафар бошқарма бошлиғи, 1 нафар бошқарма бошлиғи ўринбосари, 3 нафар бўлим бошлиғи ҳамда 4 нафар ходим, жами 16 киши эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Бугунги кунга келиб буларнинг сафига 8 киши қўшилган ва бу рақам 24 тани ташкил этади.
Жумладан, Ғазначилик бошлиғи ўринбосари — Амалиёт бошқармаси бошлиғи Ф.Нурмуҳамедов, Бухгалтерия ҳисоби ва аудит услубиёти бошқармаси бошлиғи Ш.Хайдаров, Саноатнинг базавий тармоқлари ва ёқилғи-энергетика мажмуи молияси бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи А. Абдуллаев, Давлат молиявий назорати бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари М.Агзамов, Солиқ ва божхона-тарифи сиёсати бошқармасининг бошлиғи И. Голишева, Давлат молиявий назорати бош бошқармаси Ташкилий-услубий ишлар бўлими бошлиғи Б.Жумаевлар эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди, деб хабар қилган нашр.