ТОШКЕНТ, 25 дек — Sputnik. Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков президент Нурсултон Назарбоевнинг таклифига асосан Қозоғистонга расмий ташриф уюштирди.
Учрашув аввалида Жээнбеков қозоғистонлик ҳамкасбига таклиф учун миннатдорлик билдирди, деб хабар қилди Sputnik Қозоғистон.
Ўз навбатида, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Жээнбековнинг ташрифидан бағоят мамнунлигини таъкидлаган.
"Сооронбай Шарипович, сайланганингиздан буён иккинчи бор учрашиб турибмиз. Бунга қадар Минскда учрашгандик, кўпгина масалаларни ҳал этган эдик. Энди эса менинг таклифимга биноан расмий ташриф билан келдингиз. Биз сизни кутгандик, хурсандчилик билан қарши олдик. Қозоғистон томон Қирғизистон томон қўядиган ҳар қандай масалани ҳал этишга ҳамиша тайёр. Биз 26 йил давомида мустақиллик шароитида яшаяпмиз. Мен ўзим томондан Қирғизистонни ҳеч қачон сўз билан "турткиламаганман". Бу тўғри, чунки бизлар келиб, кетаверамиз, икки қўшни давлат эса қолаверади. Ҳар бир авлод олдида ушбу муносабатларни кейинги авлодга топширишдек масъулият турибди. Хуш келибсиз, мен хурсандман. Халқ сизни сайлади, ишонч билдирди. Табриклаймиз", — деб айтган Назарбоев тор доирадаги учрашув давомида.