ТОШКЕНТ, 23 дек – Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев "Tаshkent Сity" халқаро ишбилармонлик марказининг такомиллаштирилган лойиҳаси билан танишди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон ҳукумат портали.
Давлат раҳбари шу йилнинг 28 октябрь куни "Tаshkent Сity" халқаро ишбилармонлик маркази барпо этилаётган ҳудудда бўлиб, буюртмачи ва қурувчилар олдида турган вазифалар, ташкилий ва молиявий масалаларни жойида муҳокама қилган, лойиҳаларни янада такомиллаштириш, қурилишни тезлаштириш бўйича топшириқлар берган эди.
Президент топшириқлар ижроси юзасидан такомиллаштирилган лойиҳаларни яна бир бор кўздан кечирди. Мирзиёев халқаро ишбилармонлик марказининг маъмурий биносида бўлиб, бу ерда яратилаётган лойиҳалар, иш жараёни билан танишди.
Президент қурилишга жалб қилинган инвесторлар билан суҳбатлашди. Уларнинг фикрлари ва ташаббуслари билан қизиқди.
Шавкат Мирзиёев "Tаshkent Сity" халқаро ишбилармонлик марказида қурилаётган бино ва иншоотларнинг бир-бирига уйғун бўлиши, дизайн жиҳатидан бири иккинчисини тўлдириши кераклигини таъкидлади.
Марказ қурилиши икки босқичда яқин тўрт йилда якунига етказилади.