ТОШКЕНТ, 22 дек — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев республикада хусусий давлат шерикчилик асосда боғчалар очилиши ҳақида айтди, деб хабар қилди Sputnik мухбири.
"Жанубий Кореяда боғчада 2 ёшдан 6 ёшгача бўлган болаларнинг дунёқарашини, маънавиятини, билимини ўзгартиради. Кам бўлса ҳам иккита тилни, Ватанини севишга ўргатади, ва энг асосийси — ҳар куни уч маҳал сифатли овқат беради. Бизни қишлоқдаги 3-4 та болали аёлларимиз, оналаримиз, қизларимиз қаерга борсин, свети, гази бўлмаса, боғчаси ҳам бўлмаса. Ана шу адолатсизликни мен ўйлайман, жойига қўйдик. Бу албатта қийин, осон ишнинг ўзи йўқ. Лекин биз бу ерда битта нарсани — онани рози қилишга ҳаракат қилсак, ҳамма ишимиз ўнгидан келади", — деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Президент, бу борада Жанубий Корея мактабгача таълим тизими борасида тажрибаси ҳокимлар билан келишиб олинганлиги ва қарор қабул қилинганлигини маълум қилди.
"Агар қишлоқларда хусусий давлат шерикчилик асосида мактабгача таълим тарбия тизимини қурганга кредитни ҳам арзон берамиз, 50 фоиз газ билан свет нархини давлат ўзи тўлайди", — деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Президентнинг ушбу таклифи йиғилиш қатнашчилари томонидан гулдурос қарсаклар билан қўллаб-қувватланди.