ТОШКЕНТ, 22 дек — Sputnik. Жорий йил 22 декабрь куни ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев оммавий ахборот воситалари фаолияти ҳақида тўхталиб ўтди, деб хабар қилди Sputnik мухбири.
Президент нутқида кўплаб соҳалар қаторида оммавий ахборот воситалари фаолияти, хусусан, интернет-нашрларга алоҳида эътибор қаратди.
Президент ўз сўзида, жамият ҳаётида демократик принципларни мустаҳкамлашга оммавий ахборот воситалар муҳим ва таъсирчан омил ҳисобланиши, бу борада чинакам профессионал замонавий журналистика шакллантириш, хусусан нодавлат оммавий ахборот воситаларини, ахборот таҳлилий интернет сайтларни молиявий қўллаб-қувватлашга эътибор қаратиш, бунинг учун алоҳида давлат фонди тузиш вақт соати келганлигини айтди.
"Бугунги кунда Ўзбекистонда 1,5 минг дан зиёд оммавий ахборот воситаси фаолият кўрсатмоқда. Улар мулк шакли, йўналиши, ахборот узатиш воситаларига кўра турличадир. Ўз-ўзидан равшанки, уларнинг барчасига юқори малакали кадрлар зарур. Афсуски, бундай кенг кўламли вазифани бир жойда марказлаштирган ҳолда ҳал этадиган таянч олий ўқув юрти мамлакатимизда мавжуд эмас", —деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Шу мақсадда Журналистика ва оммавий коммуникация воситалари университетини ташкил этиш зарурлиги қайд этилди.
Президентнинг ушбу таклифи йиғилиш қатнашчилари томонидан гулдурос қарсаклар билан қўллаб-қувватланди.