Умумтаълим мактабларидаги индивидуал бухгалтерия хизмати тугатилади

Oбуна бўлиш
Мактаб директори педагог-ходимларнинг маошини бериш тўғрисидаги маълумотномани тасдиқлагач, “ЎзАСБО” электрон дастури орқали уни марказлашган молия-бухгалтерияга жўнатади

ТОШКЕНТ, 22 дек – Sputnik. Умумий ўрта таълим муассасаларида индивидуал тарзда фаолият юритиб келаётган бухгалтерия хизмати фаолияти тугатилиб, туман (шаҳар) халқ таълими муассасаларида марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизматлари ташкил этилади. Бу Ўзбекистон президентининг шу йил 21 августдаги “Таълим ва тиббиёт муассасаларини молиялаштириш механизмини ҳамда давлат молиявий назорати тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига асосан амалга оширилади, дейилади Халқ таълими вазирлиги сайтида берилган мақолада.

Унда айтилишича, марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизмати қуйи муассасаларнинг харажатлар сметаси тузилиши ва ижро этилиши, иш ҳақини ҳисоблаш ва тўлаш, товар, иш ва хизматларнинг харид қилиниши, бюджет ҳамда бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобининг юритилишини таъминлаш, фаолият тури бўйича товарлар (ишлар, хизматлар)дан тушадиган даромадлар мониторингини юритиш каби вазифаларни бажаради.

Вазирлик мактаб дарсликлари учун йиллик ижара нархларини маълум қилди

Ўз навбатида, Халқ таълими вазирлиги ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармаларида Ички аудит ва молиявий назорат хизматлари ташкил этилмоқда.

Мазкур тизим туман (шаҳар)даги марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизмати фаолиятини назорат қилиб, бюджет маблағларининг ноқонуний сарфланиши ва талон-торож қилинишининг олдини олиш, тасарруфидаги муассасаларда харажатлар сметасини режалаштириш, бюджет ҳисобининг юритилиши, тендер (танлов) савдоларининг ўтказилиши ва шартномалар тузилиши устидан мониторинг қилиш ҳамда профилактика ишлари билан шуғулланади.

Шунингдек, асоссиз дебитор ва кредитор қарздорликларга йўл қўймаслик, қонунбузарликларга имконият яратувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишда бевосита иштирок этади.

Қайд этилишича, бунинг яна бир жиҳати, маошнинг педагог-ходимларга етказилишидаги янгиликдир. Мактаб директори педагог-ходимларнинг маошини бериш тўғрисидаги маълумотномани тасдиқлагач, “ЎзАСБО” электрон дастури орқали уни марказлашган молия-бухгалтерияга жўнатади. Марказлашган молия-бухгалтерия хизмати ҳисобчилари қабул қилиб олган хужжатларни ҳисоб-китобини қилиб белгиланган муддатларда тумандаги барча ўқитувчининг банк пластик карточкасига ўз вақтида ўтказиб беради.

Янгиликлар лентаси
0