ТОШКЕНТ, 22 дек — Sputnik. Тошкент шаҳрида Янги йил байрами маданий тадбирлари 2017 йилнинг 25 декабрида бошланиб 2018 йилнинг 8 январигача давом этади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот-хизматига таянган ҳолда Спутник мухбири хабар бермоқда.
Байрам иштирокчилари, меҳмонлар, айниқса болажонлар, шунингдек транспорт ҳаракати хавфсизлигига устувор ўрин берган ҳолда, бу байрамнинг "Бош арча"си ва бош саҳна Лабзак ва Қодирий кўчаларида жойлашган "Наврўз" боғида бунёд этилди. Ҳозирда мазкур майдонда катта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Қарийб 4 гектарлик майдонда байрам арчаси, саҳна, болалар учун аттракционлар, савдо ва овқатланиш шохобчалари бунёд этилади. Мазкур майдонга бориш йўлларида кенг ободонлаштириш ва байрамона безаш ишлари бошланган. Маданият вазирлиги ва тегишли мутасадди ташкилотлар байрам кунлари ўзбекистонликларга байрамона кайфият улашиш мақсадида янги театрлаштирилган дастурлар устида иш олиб боришмоқда.