ТОШКЕНТ, 21 дек – Sputnik. 21 декабрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги ҳукумат делегацияси амалий ташриф билан Афғонистон Ислом Республикасида бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Хабарга кўра, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғани билан шу йилнинг 4-6 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида эришган келишувларини амалга ошириш доирасида Ўзбекистон делегацияси Кобул шаҳрида қатор икки томонлама учрашувлар ўтказди.
Музокараларда ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди, жумладан сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт-коммуникация, таълим, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқаларни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон делегацияси “Арг” саройида президент Муҳаммад Ашраф Ғани томонидан қабул қилинди. Афғонистон раҳбари томонларни қизиқтирган барча соҳаларда Ўзбекистон-Афғонистон мулоқотини кенгайтиришдан манфаатдор эканлигини яна бир бор тасдиқлади.
Таъкидланганидек, Сурхон – Пули-Ҳумри электр узатиш тармоғи ва Мозори-Шариф – Шибирғон – Маймана – Ҳирот темир йўлини биргаликда қурилиши, Ўзбекистон томони билан ҳамкорликда бошқа йирик лойиҳаларни тадбиқ этиш Афғонистон учун стратегик аҳамият касб этади.
Кобул шаҳрида Абдулазиз Камиловнинг Афғонистон Миллий бирдамлик ҳукуматининг Ижроия кенгаши раиси Абдулла Абдулла, ташқи ишлар вазири Салоҳуддин Раббани, молия вазири Эклил Ҳаким, президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Муҳамма Ҳаниф Атмар билан ҳам учрашувлари бўлиб ўтди.
Шу куннинг ўзида Ўзбекистон делегацияси аъзолари Афғонистоннинг қатор вазирлик ва идоралари раҳбарлари билан музокаралар ўтказди.