ТОШКЕНТ, 16 дек – Sputnik. Полициячилар Самара-Чимкент трассасида 50 нафарга яқин Ўзбекистон фуқароларини қутқариб қолишди, деб хабар берди Sputnik Қозоғистон Актюбинск вилояти ИИБ матбуот хизматига асосланиб.
"15 декабрь куни Самара-Чимкент трассасида Иргиз посёлкаси яқинида Россиядан Ўзбекистонга келаётган автобус бузилиб қолган. Ушбу ҳолат фожиа билан якунланиши мумкин эди, чунки саҳрода ҳарорат 23 даража совуқ бўлиб, изғирин эди", — дейилади хабарда.
ИИБнинг хабарига кўра, автобусда Россиядан уйга қайтаётган 48 нафар ўзбекистонлик бўлган. Воқеа жойига келган маҳаллий полиция инспекторлари зудлик билан махсус техника чақиришган ва йўловчиларни трассадаги махсус пунктга олиб боришган. Бу ерда барча йўловчилар жой ва иссиқ чой билан таъминланган.