ТОШКЕНТ, 16 дек — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида Нукус шаҳрида янги қурилган Иброим Юсупов номидаги мактаб-интернати фаолияти билан танишди.
Президентнинг ташаббус ва кўрсатмалари асосида бунёд этилган мазкур таълим муассасаси барча замонавий талабларга эга, дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Бу ерда ўқувчилар учун қулай шароитлар яратилган. Шавкат Мирзиёев шу ернинг ўзида бир гуруҳ иқтидорли ўқувчилар, таълим даргоҳи ўқитувчилари билан самимий мулоқот қилди.
Президентнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи 15 декабрь куни бошланди.
Ўзбекистон раҳбарининг мазкур сафардан мақсади ҳудудда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан танишиш ҳамда халқ билан мулоқот қилишдир.
Эслатиб ўтамиз, Мирзиёев Қорақалпоғистонга шу йилнинг январида ташриф буюрган ҳамда республика иқтисодиётини ривожлантириш ва аҳоли турмуш тарзини яхшилаш борасида бир қатор топшириқлар берганди.