ТОШКЕНТ, 15 дек — Sputnik. Марказий Осиё давлатларига жиддий иқтисодий ўзгаришлар зарур, деди Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий бошқармаси бош иқтисодчиси Ганс Тиммер Reutеrs агентлигига берган интервьюсида.
Унинг таъкидлашича, ҳозирда минтақа иқтисодиёти нефтнинг нархи юқорилиги сабабли рақобатбардош эмас.
Тиммернинг айтишича, ўзгаришлар биринчи навбатда янги иш ўринлари яратилиши билан боғлиқ муҳитга тегишли бўлиши даркор.
Унинг фикрига кўра, Ўзбекистонда боғдорчиликни ривожлантириш керак, қишлоқ хўжалиги билан шуғулланувчилар эса кредитларга, тенг шароитлар ва янги технологияларни жорий этишда ёрдамга эга бўлишлари лозим.
"Ўзбекистон учун Uberга ўхшаган трактор ва бошқа қишлоқ хўжалик техникаларини ижарага бериш тизими фойдали бўлиши мумкин", — деди у.
Аввалроқ Хитойдаги йирик компаниялардан бири Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига ярим миллиард доллар инвестиция киритиш тўғрисида битим имзолагани хабар қилинганди.
Ҳамкорлик хусусан, қишлоқ хўжалик ва чорвачилик маҳсулотларини тайёрлаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш, тайёр маҳсулотни экспорт, импорт ва реэкспорт қилиш йўналишларида йўлга қўйилади.