ТОШКЕНТ, 14 дек — Sputnik. Жорий йилда ўтказилган ўрганишлар натижасида ноқонуний текширишларга йўл қўйилишида айбдор бўлган раҳбар ва мансабдор шахсларнинг интизомий жавобгарлигини кўриб чиқиш бўйича тегишли вазирлик ва идораларга 17 тақдимнома киритилди, деб хабар қилди Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси матбуот-хизмати.
Таҳлиллар тадбиркорлик субъектларини назорат қилиш ваколатига эга бўлган айрим вазирлик ва идораларда текширишларни тартибга солишга доир қонунчилик талаблари ходимларга етказилмагани ва бу борада талаб даражасида назорат ўрнатилмагани оқибатида ноқонуний текширишларга йўл қўйилаётганини кўрсатган.
"Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги назорат органларига 5 та, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги назорат органларига 3 та, Ички ишлар вазирлиги, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда "Ергеодезкадастр" давлат қўмиталарига 2 тадан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва "Автодарётранс" агентлигига 1 тадан тақдимномалар киритилди", — дейилади хабарда.
Ушбу тақдимномалар тегишли вазирлик ва идоралар томонидан кўриб чиқилиб, ноқонуний текширишларга йўл қўйганлиги учун 7 нафар раҳбар ва мансабдор шахслар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинди, 14 нафар мансабдор шахс эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, 7 нафарига "ҳайфсан" ёки "танбеҳ" интизомий жазо чоралари қўлланилди, 8 нафар ходим ўртача ойлик иш ҳақининг 20-50 фоизигача жаримага тортилди.
Хусусан, 2017 йил июн-июл ойларида 18 та тадбиркорлик субъектларида Кенгаш билан келишилмаган ҳолда ноқонуний текшириш ўтказганлиги учун "Ўзавтодарётранс" агентлигининг 2017 йил 14 ноябрдаги буйруғига асосан агентликнинг Фарғона вилояти бўлинмаси шўба мудири Х.Турсунов билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Андижон туманидаги "Мухтор" фермер хўжалигида 2017 йил 9 январда ноқонуний текшириш ўтказганлиги учун "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси Андижон вилоят бошқармасининг буйруғига асосан ушбу туман бўлим бошлиғи Д.Абдурашидов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Сирдарё вилояти Божхона бошқармаси ходимлари томонидан 2017 йил 6 апрелда "Гулистон кино" хусусий корхонасида ноқонуний текшириш ўтказилганлиги ҳолати бўйича вилоят божхона бошқармасининг 2017 йил 29 майдаги буйруғига асосан бошқарма ходимлари М.Усмановга "ҳайфсан" ва А.Қурбоновга "танбеҳ" интизомий жазо чоралари қўлланилган.
Шунингдек, Чиноз туман давлат солиқ инспекцияси ходимлари М.Нусратов ва Ж.Муродов томонидан 2017 йил 30 май куни "Интер Медиа Солутион Гроуп" МЧЖ фаолиятида ноқонуний текшириш ўтказилганлиги учун М.Нусратовга нисбатан ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида жарима жазоси қўлланилди ҳамда шўба бошлиғи Ж.Муродов билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Ўзбекистон президентининг "Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонида ҳам кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг аралашувини тубдан қисқартиш, ноқонуний текширишлар ўтказилишининг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.