ТОШКЕНТ, 14 дек — Sputnik. "Водий тантана медиа» МЧЖ раҳбари томошадан тушган 30 миллион сўм нақд пулни банкка топширмаган, деб хабар қилди Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ қўмитаси матбуот-хизмати.
Хабарда айтилишича, 29 ноябр куни Андижон шаҳридаги "Олтин водий" тўйхонасида катта концерт дастури намойиш этилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Юлдуз Абдуллаева ҳамда хонанда Ойхон Эшонхонова томошабин тўла муҳташам залда "Эл аро инсон азиз" номли дастур асосида қўшиқлар гулдастасини инъом этганлар.
Вилоят давлат солиқ бошқармаси, "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси вилоят бўлими ҳамда Андижон шаҳар давлат солиқ инспекцияси ходимлари ҳамкорликда ушбу концертнинг тўғри ташкил этилиши, сотилган чипталарнинг нақд пул тушуми юзасидан мониторинг-хронометраж тадбирини амалга оширдилар. Икки маҳал ўтказилган тадбир давомида иштирокчилардан олинган чипталар саноқдан ўтказилиб, ҳар бири 50 минг сўмдан эканлиги, жами 600 нафар фуқарога сотилганлиги маълум бўлди.
"Водий тантана медиа" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Озодбек Мирзаев тушунтириш хатида 3 кун муддатда томошадан тушган 30 миллион сўм нақд пул маблағлари банк кассаларига топширилиши юзасидан расман огоҳлантирилганлигини билдириб, йўл қўйилган хато учун узр сўради.