ТОШКЕНТ, 14 дек — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев солиқ ва молия органлари жавобгарлигини кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида Фармонга имзо чекди.
2018 йилнинг 1 январидан бошлаб:
— солиқ ва молия органлари раҳбарларини уларнинг лавозим маошларидан 50 фоизгача бўлган миқдорда мукофотлаш, шу жумладан:
маҳаллий бюджет даромадларининг тасдиқланган прогнозининг ижро этилгани учун 10 фоиз миқдорда;
бюджетга тўловлар бўйича солиқ қарздорлиги қисқартирилгани учун 20 фоиз миқдорда;
маҳаллий бюджет даромадларини ошириш резервларини аниқлаш бўйича ҳисоб-китоб кўрсаткичлари бажарилгани учун 20 фоиз миқдорда;
— юқорида кўрсатилган мезонларнинг ижроси таъминланмагани учун уларнинг лавозим маошларидан 30 фоиз миқдорида жарима санкцияларини қўллаш, шу жумладан:
маҳаллий бюджет прогнози бажарилмаганлиги учун 10 фоиз миқдорда;
маҳаллий бюджет даромадларини ошириш резервларини аниқлаш бўйича ҳисоб-китоб кўрсаткичлари бажарилмаганлиги учун 10 фоиз миқдорда.
Молия ва солиқ органлари раҳбарларини мукофотлаш ҳамда жавобгарлик чораларини қўллаш молия вазири ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг тавсияларига кўра амалга оширилади.