ТОШКЕНТ, 13 дек — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда биринчи марта нишонланаётган қишлоқ хўжалиги ходимлари куни байрамида яна бир муҳим масала — картошкачиликни ривожлантиришга алоҳида тўхталди, деб хабар қилди "Халқ сўзи" нашри.
Президент бунинг учун Голландия, Польша, Россия каби давлатлар билан ҳамкорликда замонавий лаборатория ускуналарига эга бўлган маҳаллий уруғчилик маркази ва махсус корхоналар ташкил этиш керак, деб қўшимча қилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти жорий йил апрел ойида Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида кузги-қишки мавсумда картошка тақчиллигига барҳам берадиган лойиҳа- "Шарқ" концерни таклифига биноан ташкил этилаётган картошка етиштириш илмий маркази билан танишган эди.
Мирзиёев ҳар бир вилоятда ушбу марказнинг Фанлар академияси, "Шарқ" концерни ҳамда агрономлардан иборат бўлимлари ва лабораториялари фаолиятини ҳам йўлга қўйиш керак, деб таклиф киритган эди.
"Бу кичик масала эмас. Бу нондир. Дунёда инқироз кетаяпти. Кафолатланган бюджет негизида мана шу нарса ётади. Бу инновациядир", — деган эди Мирзиёев.