ТОШКЕНТ, 12 дек — Sputnik. Британиялик таниқли поп-қўшиқчи Робби Уильямс 15 декабрь куни Тошкентда илк бор яккахон концерт дастурини тақдим этади. Sputnik мухбири ушбу концерт мухлисга неча пулга тушишини ва чипталар қолган-қолмаганини ўрганишга қарор қилди.
Мухбирнинг айтишича, "Истиқлол" санъат саройи кассаларида ҳозирча чипталар бор бўлсада, аммо улар катта тезликда сотилиб кетаётган экан. Чипталар нархи 1,5 миллиондан 1,8 миллион сўмгача сотилмоқда. Чипталар душанба кундан сотувга қўйилган ва Уильямснинг ашаддий мухлислари, агар концертга тушмоқчи бўлсалар, тезроқ ҳаракат қилишлари керак бўлади.
Чипталар нархи жуда қиммат. Лекин бу нима билан солиштиришга боғлиқ. Мисол учун бугун Ўзбекистонда ўртача ойлик 800 минг — 1 миллион сўм атрофида. Демак, севимли қўшиқчи концертига тушиш учун чиптага бир неча ой давомида пул йиғиш талаб этилади.
Бошқа томондан, яқинда бўлиб ўтган "Серебро" гуруҳи концерти нархи 100 мингдан 700 минг сўмгача, "A'STUDIO" гуруҳи ва Любовь Успенская — 100 мингдан 1 миллион сўмгача, Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг концертига чипталар — 20 минг сўмдан 250 минг сўмгача сотилган.
Бир нарса аниқ — Тошкент бу даражадаги жаҳонга машҳур юлдуз келишини кўп кутиши мумкин. Шу боис, британиялик жанжалкаш қўшиқчи концертига тушмоқчи бўлганлар орангизда бўлса, шошилгани маъқул.