ТОШКЕНТ, 9 дек – Sputnik. 15 декабрь куни “Ўзбекистон” форумлар саройида британиялик поп-қўшиқчи Робби Уильямс яккахон концертини намойиш этади.
Робби Уильямс – “Take That” гуруҳининг собиқ аъзоси. У яккахон фаолиятини бошлаганидан буён дунё бўйича 59 миллиондан ортиқ альбоми сотилган. Унинг “Feel”, “Supreme”, “Better Man” ва “Millennium” қўшиқлари кўплаб давлатларда энг оммабоп қўшиқлар 10талигидан жой олган.
2005 йилда Робби Уильямс Гиннесснинг Рекордлар китобига киритилган: унинг концертига бир кунда 1,6 млн дона билет сотилган.
17 декабрь куни эса “Ўзбекистон” форумлар саройида Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри жўрлигида испаниялик тенор Хосе Каррерас чиқиш қилади.
Оркестрга жаҳонга машҳур дирижёрлардан бири, испаниялик маэстро Давид Гименес дирижёрлик қилади.
Хосе Каррерас — Луижи Иллика, Грэмми, сэр Лоуренс Оливье мукофотлари, Гран-Театра дель Лисео театри олтин медали, Лейпциг шаҳри фахрий медали соҳиби, Лондон қироллик мусиқа академиясининг фахрий аъзоси, Лондон санъат оркестрининг фахрий президенти ҳисобланади.
1992 йилги Барселонадаги Олимпиада ўйинларида Каррерас мусиқий раҳбар бўлган.
Ҳар икки концерт ташкилотчиси меценат Алишер Усмоновдир. Бу Усмоновнинг ўзбекистонликлар учун нафақат янги йил совғаси, балки бой маданий меросга Ўзбекистон нафақат туристлар, балки жаҳон миқёсидаги юлдузлар учун ҳам жозибадор бўлиб бораётганининг исботидир, деб ёзади anons.uz.