ТОШКЕНТ, 9 дек – Sputnik. 7-8 декабрь кунлари Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги делегацияси Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) иштирокчи мамлакатлари Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 24-мажлисида иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, Австрия Республикасининг ЕХҲТга раислиги доирасида Вена шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда аъзо мамлакатлар ва ҳамкор давлатларнинг ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари томонидан минтақавий хавфсизлик, ташкилотнинг янги таҳдидлар ва хатарларга қарши курашдаги салоҳиятини мустаҳкамлаш, хусусан ноқонуний гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, вазирлар Италиянинг 2018 йилда ЙХҲТга бўлажак раислиги юзасидан фикр алмашдилар.
Ўзбекистон делегацияси Вена шаҳрига ташрифи давомида БМТ Бош котиби ўринбосари, БМТ Гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ижрочи котиби Юрий Федотов билан учрашди ва музокаралар олиб борди. Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон билан БМТ Гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ўртасида 2018-2019-йилларда ҳамкорликни янада ривожлантириш тарафдорликлари бўйича қўшма баёнотни имзоладилар.
Шунингдек, ТИВ делегацияси ЕХҲТ Бош котиби Томас Гремингер билан музокаралар ўтказди. Музокаралар довомида 2018-2019 йилларда Ўзбекистон ва ЕХҲТ ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича амалий тадбирлар режасини ҳаётга тадбиқ этишни кўзда тутувчи икки томонлама ҳужжат имзоланди.
ЕХҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши доирасида Ўзбекистон делегацияси ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги бўйича вакили Арлем Дезир, Эстония ташқи ишлар вазири Свен Миксер, Руминия давлат котиби, ташқи ишлар вазири ўринбосари Жорж Сиамба билан учрашди.