Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ҳаж фатвосини нотўғри талқин қилганларга раддия берди

Oбуна бўлиш
1 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Ҳаж ҳақида фатвоси эълон қилинганди

ТОШКЕНТ, 5 дек – Sputnik. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати Ҳаж ҳақида фатвони нотўғри талқин қилаётган айрим оммавий ахборот воситаларига раддия берди.

“Аввало, мўмин-мусулмонлар ҳажни Аллоҳ таоло буюрган улуғ ибодат деб билмоқлари лозим. Бу ибодатнинг фарз бўлиши учун шариатда белгиланган шартлари мавжуд. Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Ҳаж ҳақида фатвони чиқаришдан кўзланган мақсад айнан мана шуларни мўмин-мусулмонларга яна бир карра етказиб қўйишдир.

Паломники в Мекке - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Ҳаж ҳақида фатвоси эълон қилинди

Кейинги вақтларда ҳажга бораётганлар орасида уни ибодат деб билишдан кўра, орзу-ҳавасга айлантириб олаётганлар ҳам кўзга ташланмоқда. Баъзи кишилар ота-оналари ёки бирор яқин кишиларини ҳажга кузатиш ва кутиб олиш асносида дабдабабозликка ўтиб кетаётганлари ташвишли ҳолат. Масалан, ҳашамдор автомашиналар, бир нечта видео камералар ҳатто даста-даста гуллар билан кутиб олишлари гўё улар ҳаждан эмас балки, бирорта мусобақадан муваффақият қозониб келаётгандек олқишлар ва қийқириқлар остида қарши олинмоқда”, дейилади Ўзбекистон мусулмонлари идораси расмий веб-порталида эълон қилинган раддияда.

Раддияда бирорта ибодатни адо этган киши Аллоҳ таоло унинг ибодатини ҳузурида мақбул айлаганидан умидвор бўлиш билан бирга, қабул бўлмай қолмадимикан, деган ҳадик қалбининг бир чеккасида туриши лозимлиги, шунинг учун ҳам ҳажга боришга талабгорларнинг руҳий, маънавий ва ахлоқий томондан муносиб бўлишлари жуда ҳам муҳимлиги таъкидланади.

“Дарҳақиқат, ҳаж ибодати ҳам жисмоний ва ҳам молиявий ибодат. Шунинг учун ҳажга бориш учун талабгорлар жисмонан соғлом бўлишлари шарт. Молиявий томондан нафақат ҳаж сафари учун зарур бўлган маблағга эга бўлиш, балки оиланинг бошлиғи сифатида қарамоғидаги кишиларнинг нафақасини ҳам тўла-тўкис таъминлаб кетишлари лозим. Баъзилар йиллар давомида рўзғор, бола-чақа нафақасидан қисиб-қимтиб ҳажга бориш ниятида маблағ йиғадилар. Ваҳоланки, уларнинг зиммасида ҳажга боришдан кўра фарзандлари, оиласи таъминоти вожиб эканига парво қилмайдилар. Бундан ташқари нисоб миқдоридаги маблағга эга бўлган киши йилда бир марта унинг закотини бериши фарз эканини ўйлаб ҳам кўрмайдиган, маблағни эса ҳаж учун жамғараётганини рўкач қиладиганлар ҳам учраб туради.

Заместитель председателя Совета муфтиев России Рушан Аббясов, архивное фото - Sputnik Ўзбекистон
Россия имоми: ҳаж зиёратини селфи-ҳажга айлантирмаслик зарур

Мазкур фатвода ҳаж ибодатига бориш ҳақида фақат тушунтириш ва тавсиялар берилган бўлиб, бу ҳажга борувчи фуқароларимиз учун энг муҳим жиҳатлар ҳисобланади. Буни нотўғри талқин қилаётган айрим оммавий ахборот воситалари эса соҳага оид бир қатор қонун ҳужжатларини қўпол равишда бузган ҳисобланадилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси юқоридаги ҳолатларни инобатга олиб, ҳажга боришга талабгорлар учун ушбу ҳақиқатларни баён этиш мақсадида мазкур фатвони эълон қилди. Ушбу фатвонинг мазмун-моҳиятини тўла англаб, кейин аҳолига тўғри тушунтиришга барчани даъват қиламиз", дейилади раддияда.

Эслатиб ўтамиз, 1 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Ҳаж ҳақида фатвоси эълон қилинганди.

Янгиликлар лентаси
0