ТОШКЕНТ, 14 авг — Sputnik. Жорий йил август ойи якунида Макка ва Мадина шаҳарларида ҳаж зиёрати бошланади.
Россия Дин ишлари бошқармаси раисининг биринчи ўринбосари Рушан Аббясовга кўра, хаж зиёрати давомида зиёратчилар фото ва видео тасвирга олишлари мумкин, шунда ҳам фақат таълим мақсадида.
"Асосийси, одам зиёратни ҳаж-селфига айлантириб юбормасин. Киши ўз хатти-ҳаракатларини зиёратнинг асосий ниятларини амалга оширишга қаратиши керак. Зиёратчи суратга тушиб ўз биродарларига жўнатиши мумкин. Лекин бу ишга ҳаддан берилиб кетмаслик лозим", — деб таъкидлади Аббясов Sputnik Тожикистон радио эфири вақтида.
Имомнинг сўзларига кўра, Instagramга селфи ва постларни жойлаштиришни ҳаж зиёратининг асл мақсад ва моҳиятидан юқори қўймаслик зарур.
Эслатиб ўтамиз, 7-23 август кунлари 7 мингдан ортиқ ўзбекистонлик зиёратчиларни ҳаж сафарига кузатиш тадбирлари амалга оширилмоқда.