ТОШКЕНТ, 3 дек — Sputnik. 3 декабрь — Халқаро ногиронлар куни муносабати билан Самарқанд вилоят ҳокимлиги томонидан белгиланган чора-тадбирларга мувофиқ, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан интернатда истиқомат қилаётган якка-ёлғизлар ва ногиронлар тиббий кўрикдан ўтказилди, деб хабар қилди Спутник мухбирига ВССБ бошлиғининг матбуот котиби Элдор Муҳаммадиев.
Шунингдек, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, "Маҳалла" жамоат фонди ва "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлимлари ҳамда ҳомийлар кўмагида байрам дастурхонлари, концерт дастурлари ташкил этилган ҳамда 200 нафар ногиронларнинг Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойларига саёҳати уюштирилди.
"Ўтказилган тиббий кўрик давомида 100 нафарга яқин якка-ёлғизлар ва кексалар вилоят офтольмология шифохонаси мутахассислари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилиб, тегишли муолажа олишлари режалаштирилди. Шифокорлар томонидан берилган тавсияга кўра, уларнинг 60 нафарига "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия жамғармаси томонидан кўзойнаклар тарқатилди", — деди Элдор Муҳаммадиев.