ТОШКЕНТ, 2 дек — Sputnik. Журналист, Халқаро пресс-клуб раиси Шерзод Қудратхўжаев ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Хитой ва Кореяга яқинда қилган сафари таассуротлари билан ўртоқлашди.
"Яқин 30 — 35 йил ичида Хитой ва Корея ўта қолоқ давлатлар эди. Бугун эса Хитой ЯИМ бўйича Америка билан тенг рақобатлашяпти, Корея иқтисодиёти эса дунёда 15таликка кирган. Илгари Тошкентда юрганимда Хитойнинг 1,5 миллиард аҳолиси унинг муаммоси деб хом ўйлаган эканман. Аслида эса бу унинг бойлиги, катта ютуғи экан. Чунки 1,5 миллиард одам — бу шиддатли, соғлом рақобат дегани. Бу илғор ғоялар, олди ташаббуслар рақобати.
Хитой жудаям улкан бозор. Тасаввур қилинг, сиз битта маҳсулот ишлаб чиқардингиз, масалан, шоколад, йогурт ёки газета ва унинг нархи атиги 1 доллар бўлсин. Маҳсулотингиз тахминан 100 миллион одамга манзур бўлса, демак, сиз — мултимиллионерсиз…
Бир хитойликдан сўрадим: "30 йилда бундай натижага эришишнинг сири нимада?"
Ҳамсуҳбатим кулганча жавоб қилди: "Бизнинг бошқа иложимиз йўқ эди. Биз оч эдик!"
Ўйланиб қолдим, балки, тўқлик фаровонликка халақит берар. Балки, катта ерларга эга бўлиш катта ютуқлар дегани эмасдир", деб ёзади Қудратхўжаев.
Қудратхўжаев Сингапур, Корея, Япониянинг ҳеч қандай табиий бойликлари бўлмаганлигини айтар экан, "улар бизга ўхшаб фалон нарсамиз бор, деб ўзига маҳлиё бўлиб, бир сидра тўйиб ўтирмайди. Ёки давлат қилиши керак, деб кимнингдир қўлига ҳам қараб қолмаган", деган фикрни билдиради.
Унинг ёзишича, Хитойдаги улкан вокзалларда тартиб-интизом жойида, уларда "хаос" ва тартибсизлик кузатилмайди. Ҳамма жой саранжом-саришта. Ўнлаб қаҳвахоналар, дўконлар фаолият юритади. Қишлоқ хўжалиги ўта ривожланган. Ҳар бир қарич ер чопилган, қаралган, суғорилган. Кўплаб иссиқхоналар мавжуд. Улар ўтин ва кўмирда ёқилади. Йўл четидаги барча уйлар томида офтоб нуридан фойдаланувчи панеллар ўрнатилган.
"Хитойда 1,5 миллиард одам борлигини сезмайсиз ҳам. Чунки ҳамма нарсада тартиб, интизом устун", дея фикрини давом эттиради у.
Шерзод Қудратхўжаевнинг ёзишича, корейслар жуда тиришқоқ халқ. Барча нарса ҳисоб-китоб билан қилинади, ҳеч нарса шунчаки қилинмайди. Масалан, Кореяда телевизион трансляция вақтида ҳар бир камеранинг туриш жойи, тасвирчининг юриш маршрути олдиндан белгиланади. "Шунинг учун ҳам Корея ТВсини кўрсангиз югур-югур, чоп-чоп, кераксиз одамнинг тасвирга тушиб қолиши каби бизда кўп учрайдиган "хол қўйишлар" кузатилмайди", деб ёзади у.
Офисда ҳар бир одам ўз функционал вазифаларига эга. Ҳеч ким бир-бирининг ишини қилмайди. Рақобат кучли.
Унинг ёзишича, давлат хизматчиларига жуда оғир. Чунки улар бу лавозимларига таниш-билишчилик, пул ёрдамида эмас, балки уч босқичли тестларни топшириб, энг муносиблари танлаб олинади. Хизмат пиллапоясидан кўтарилиш ҳам худди шундай. Уларнинг ўртача маоши 3 — 4 минг доллар атрофида. Лекин нархлар қиммат.
"Масалан, сиз лойсувоқ уйда туғилдингиз. Болалигингиз, ўспиринлигингиз ҳам шу масканда ўтди. Бу сизнинг айбингиз эмас. Лекин айнан шу уй деворларини пишиқ ғишт қилиб кўтариш, иморатингизнинг асосини гранит билан безатиш, ота-онангизга қулай, замонавий таҳоратхона қилиш сизнинг қўлингиздадир. Чунки лойсувоқ уйда ўлсангиз бу айнан сизнинг айбингиз бўлади", дея фикрини давом эттиради у.
"Хитойда юрган вақтимда, Тошкентда бензин нархи ошди. Ижтимоий тармоқларда кўплаб пессимистик гапларни ўқидим. "Шу эски йўллардан юраверардик, бизга янги қурилишлар керак эмас. Бензин нархи ошмаса бўлгани" – деганлар ҳам бўлди.
Бозорларимизда картошка нархи шунча, гуруч нархи бунчага ошди дейишди. Дунёқарашимизни озгина ўзгартирадиган вақт келди деб ўйлайман. Назаримда, биз арзон картошка, арзон гўшт, арзон бензинни ўйлаб, ўзимиз ҳам арзон одам бўлиб қолаётгандекмиз. Бизни кичкина маош ҳам қониқтиряпти. Гўёки, арзончилик бўлса бас. Ваҳоланки, валюта либерелизациясини хоҳладикми, бунинг оғриқли нархини ҳам тўлашимиз керак. Бу танадаги иситмага ўхшайди. Бир чиқиб иммунитетни синаб, қайтиб кетади. Фақат, бу босқичдан, оғриқли ўтиш давридан чиқиб олишимиз керак. Ўзи бу мушкул муолажани 25 йил чўзиб келдик, МДҲда охири биз қолгандик. Аммо энди экспорт-импорт чекловлари бўлмайди.
Бизнинг бошқа фалсафага ўтадиган вақтимиз келди: кўп пул топиш, кўп сарфлаш, катта натижаларга эришиш фалсафаси", дейди у.
У Кореяда яшаш даражаси, бензин, электроэнергия, озиқ-овқат жуда қиммат, ресторан, кафелар нархлари жуда баландлигини, лекин шунга қарамасдан, кореяликлар кўпроқ даромад топишга тинмай интилишларини ёзади.
Қудратхўжаевнинг фикрича, "меҳнат қилиб топилган пул саёҳат, ички ва ташқи туризм, билим олиш, ўзига, номоддий интеллектига сармоя қилишга сарфланади. Биз эса шуунча тер тўкиб кераксиз моддий сарпо-бисот, тўй-маърака ва кибримизни озиқлантиришга маблағ харжлаймиз. Қадриятларни хам ревизия қилиш вақти келди ниҳоят…"