ТОШКЕНТ, 2 дек – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2 декабрь куни Тошкент шаҳрида амалга ошириладиган бунёдкорлик лойиҳалари билан танишди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.
Хабарда айтилишича, Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов номидаги "Тошкент" халқаро аэропортига ташриф буюрди.
Бу ерда "Тошкент-4" халқаро йўловчи терминали қурилиши режалаштирилган. Бугунги кунда янги иншоот лойиҳасининг техник-иқтисодий асослари такомиллаштирилди.
Лойиҳа Ўзбекистон ва Жанубий Кореянинг банк ва жамғармалари ҳисобидан молиялаштирилади. Янги халқаро аэропортда соатига 1,5 минг йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилади.
Президент маблағлардан самарали фойдаланиш, қурилиш ишларини бошлаш учун ҳудудни тайёрлаш ва инфратузилмани ривожлантириш бўйича топшириқлар берди.
Шавкат Мирзиёев халқаро йўналишларда учиб келаётган йўловчиларга кўрсатилаётган хизмат сифатини ошириш бўйича қилинаётган ишлар билан танишди, қайта қурилаётган кутиш залини ҳам бориб кўрди. Бу ерда замонавий меҳмонхона қуриш, ахборот технологиялари асосида замонавий хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берди.
"Аэропорт Ўзбекистоннинг остонаси. Шу боис бу ерда меҳмонлар учун барча шароит ва қулайликлар бўлиши керак", деди президент.