ТОШКЕНТ, 30 ноя — Sputnik. Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари Давлат божхона қўмитаси вакиллари билан ҳамкорликда гиёҳванд моддалар контрабандаси ва савдоси билан шуғулланувчи шахслардан иборат гуруҳ фаолиятига чек қўйишди, деб хабар берди Sputnik мухбири.
"Ўзбекистон фуқаролари Оқилбек Мирзаев ва Ойбек Ғозиев тожикистонлик Акром исмли шахс билан тил бириктириб, Тошкент вилояти Бекобод тумани ҳудудидаги айланма йўллар орқали божхона постларини айланиб ўтиб республика ҳудудига бир килодан ошиқ афюн олиб киришган. Улар гиёҳванд моддани Бекобод ҳудудидаги кўприк остига яширишган", — деди МХХ вакили.
Эртаси куни Мирзаев яшириб қўйилган юкни олади ва харидорга бериш учун Бекобод марказий бозорига келади. Харидор Руслан Эшонқулов Фахриддин Қодиров бошқарувидаги "Дамас" ичида уни кутиб ўтиради.
Тезкор ходимлар "Дамас" ичида савдолашаётган барча иштирокчиларни қўлга олди.
"Оқил Мирзаевнинг ёнидан рангли целлофан халта топилди. Экспертиза текширувида унинг ичидаги модда оғирлиги бир килограммдан ортиқ афюн эканлиги аниқланди", — деди куч ишлатиш тизими вакили.
Дастлабки суриштирув давомида Руслан Эшонқулов афюнни Дониёр Ҳасановга бериши, пулни эса Тожикистонга жўнатиши режалаштирилгани маълум бўлди.
Миллий хавфсизлик хизмати жиноий гуруҳнинг барча иштирокчиларига нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича иш қўзғатди.