ТОШКЕНТ, 29 ноя — Sputnik. Куни кеча Ўзбекистон президенти пахтачилик тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни тасдиқлади, деб хабар қилди президент матбуот хизмати.
Қарорга мувофиқ "Ўзпахтасаноат" ва "Ўзпахтаэкспорт" акциядорлик жамиятларини бирлаштириш, шунингдек, "Ўзпахтасаноатэкспорт" холдинг компаниясини тугатиш асосида пахтачилик тармоғи учун масъул бўлган ягона ташкилот — "Ўзпахтасаноат" акциядорлик жамияти ташкил этилди.
Ёғ-мой тармоғини ривожлантиришнинг мақбул йўлларини белгилаб олиш мақсадида "Ўзпахтаёғ" акциядорлик жамияти ушбу тизимдан ажратиб чиқарилди.
Янги ташкил қилинган "Ўзпахтасаноат" АЖга қайта ташкил этилган компанияларнинг мол-мулклари, уларнинг давлат улушлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари билан бирга ўтказилди. "Ўзпахтасаноат" АЖ таркибига кирувчи корхоналарнинг миқдори ва штатлар сони оптималлаштирилди, шу билан бирга мавжуд ресурслардан янада оқилона фойдаланиш бўйича қўшимча таклифлар тайёрланади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Сифат" пахта толасини сертификатлаш марказининг "Ўзстандарт" агентлиги тузилмасига ўтказилганлиги бошқа муҳим ўзгаришлардан бўлди.
Пахтачилик тармоғида молия интизомини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати бош бошқармасига пахта тозалаш корхоналарида ҳисобга олиш ва ҳисоботнинг ҳаққонийлиги устидан назоратни амалга ошириш вазифаси юклатилди.