ТОШКЕНТ, 29 ноя — Sputnik. Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига Афғонистондан биринчи борт келиб қўнди, деб хабар қилди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Рейс Афғонистоннинг Kam Air авиакомпанияси томонидан бажарилди. Шу тариқа икки давлат ўртасидаги авиапарвозларга асос солинди.
"Бизнинг авиакомпаниямиз икки пойтахт ўртасида авиапарвозларни очган биринчи хусусий тижорат авиакомпанияси бўлганлигидан фахрланамиз. Таъкидлаб ўтмоқчиманки, Kam Air — Афғонистоннинг ривожланиб келаётган авиакомпанияси бўлиб, унда юқори малакали профессионаллар фаолият юритади. Биз ишончли ва техник жиҳатдан таъминланган авиакомпания бўлмиш "Ўзбекистон ҳаво йўллари" билан ҳамкорлик қилаётганимиздан мамнунмиз", — деб айтган ўз нутқи давомида компания асосчиси ва раҳбари Замари Камгар.
Қобул-Тошкент рейси бўйича мунтазам парвозлар 8 декабр санасидан йўлга қўйилади. Ушбу йўналишда самолётлар чоршанба ва якшанба кунлари парвозларни амалга оширадилар. Яқин вақтда ўзбек авиалиниялари ҳам бу маршрут бўйича рейсларни йўлга қўйишни режалаштирган.