ТОШКЕНТ, 28 ноя – Sputnik. Қозоғистоннинг Усть-Каменогорск шаҳрида жойлашган Азия Авто компанияси 2017 йилнинг декабрь ойидан бошлаб Лада Веста SW ва Лада Веста SW Cross автомобилларини ишлаб чиқара бошлайди, деб хабар қилмоқда Авторевью нашри.
Азия Авто заводи Сентябрь ойидан бошлаб Cevrolet Aveo автомобилини ишлаб чиқаришни бошлаган эди. Ундан ташқари заводда Шкода ва Киа автомбилларининг бир неча моделлари ҳам “йирик бўлакли жамлаш” услубида ишлаб чиқарилмоқда.
Азия Авто ишлаб чиқарадиган Лада Веста универсаллари 1.6 ҳажмдаги 102 от кучига эга бўлган ва 1.8 ҳажмдаги 122 от кучига эга бўлган двигателлар билан жиҳозланади. Автомобиллар механик ва автомат узатмалар қутиси билан жиҳозланган бўлиши мумкин.
Веста SW ва SW Cross автомобиллари нархи ҳали маълум қилинмаган, Қозоғистонда сотувга чиқарилган седан кузовидаги Веста автомобиллари нархи 3 900 000 тенгедан бошланади — (11800$). Универсал нархи одатда седандан 10-15 %га кўпроқ бўлади. Бугунги кунда Қозоғистонда Лада Веста автомобилларига сўров унчалик катта эмас. 2017 йилнинг 11 ойида 583та Лада Веста сотилган. Энг бозори чаққон автомобиллар қаторида Ravon Nexia R2, Toyota Camry ва Hyundai Elantraлар ўрин олган.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг 1 октябридан бошлаб Қозоғистонда ишлаб чиқарилган автомобилларни Ўзбекистонга олиб киришда олинадиган солиқлар миқдори кескин камайтирилган эди. Хусусан двигател ва от кучидан олинадиган солиқлар бекор қилиниб, фақат автомобилнинг божхона қийматидан 2 % ли акциз солиғи сақланиб қолган.