ТОШКЕНТ, 28 ноя — Sputnik. Милллий хавфсизлик хизмати Тошкент вилоят ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда йирик миқдорда товламачилик билан шуғулланган жиноий гуруҳни фош этди, деб хабар берди Sputnik мухбири.
"Гуруҳга Тошкент вилояти Янгийўл туманида яшовчи 38 ёшли Нуриддин Абилғозиев ташкилотчилик қилган. У шериклари Акмал Назаров, Жонибек Бўрибеков ва Дилшод Қосимбековлар билан "Dilshod Avto Savdo" МЧЖга асос солади. Ҳужжатларга кўра, фирма автомобиль олди-сотдисида воситачилик билан шуғулланган. Аммо кейинчалик терговда аниқланишича, бу қоғоздагина шундай бўлиб, товламачилик фаолиятини хаспўшлаш учун керак бўлган", — деди куч ишлатиш тизими вакили.
Фойдали ишга пул тикиш таклифи остида улар одамлардан пул, қимматбаҳо буюмлар, мулк, чорва моллари ва транспорт воситаларини қабул қила бошлашган. Бунинг эвазига катта миқдорда устама фоизлар тўлашга ваъда беришган.
Товламачилик фаолияти жуда пухта йўлга қўйилган. Абилғозиев турли йўллар орқали гўёки ўз корхонасига пул киритган омонатчиларнинг муваффақиятлари тўғрисидаги ёлғон хабарларни тарқатган. Кейинчалик маълум бўлишича, у омонатчиларнинг пул ва қимматбаҳо буюмларини корхонани ривожлантиришга эмас, балки ишонувчан одамлар оқими камаймаслиги учун аввалги омонатчиларга устама фоизларни беришга сарфлаган. Бундан ортиб қолган маблағни эса бўлишиб олишган.
Алданган омонатчилар сони юздан, товламачилик фаолиятидаги маблағ айланиши эса ўнлаб миллиард сўмдан ошган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан фош этилган жиноий фаолият ҳакидаги иш Янгийўл туман судида кўриб чиқилди.
"Суд иши жараёнида Нуриддин Абилғозиев ва унинг шериклари жиноятлари тасдиқланди. Суд одамларга келтирилган 700 миллион сўмлик зиённи ундириб беришга ҳукм чиқарди. Бундан ташқари, Абилғозиев ва унинг шериклари ўзлаштиришга улгурмаган 125дан ортиқ машина ва эгаларига қайтарилади. Шу кунларда дастлабки алданганлар ўз автомобилларини қайтариб олишди", — деди суд вакили.