ТОШКЕНТ, 28 ноя — Sputnik. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Биринчи президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида қарорни имзолади, деб хабар қилди президент матбуот-хизмати.
Ҳужжатга кўра, ташкилий қўмитага ушбу санани нишонлаш бўйича тадбирлар режасини икки ҳафта муддатда ишлаб чиқиш вазифаси берилган.
"Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов фаолияти хроника(солнома), Каримов қаламига мансуб "Ёшлар бугунги ва эртанги ҳаётимизнинг ҳал қилувчи кучидир", "Юксак маънавият — енгилмас куч" асарлари, шунингдек, "Президентга мактублар" китоби нашр этилиб, белгиланган тартибда таълим масканлари, ахборот-ресурс марказлари, маданий-маърифий муассасалар ва маҳаллаларга етказилади.
Самарқанд шаҳрида "Ислом Каримов — Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг асосчиси" мавзуида халқаро илмий конференция ўтказилади.