ТОШКЕНТ, 27 ноя — Sputnik. Ўтган ҳафтада аввал битта, сўнгра кетма-кет қатор хорижий нашрларда самарқандлик юқори синф ўқувчилари ва талаба қизлар ёппасига гинекология текширувидан ўтказилаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Sputnik Ўзбекистон мухбири ушбу хабарларга изоҳ беришини сўраб Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан боғланганида, ҳокимлик матбуот-хизмати раҳбари Нуриддин Болиев бу хабарлар ёлғондан бошқа нарса эмаслигини таъкидлади.
Халқ таълими вазирлиги Самарқанд вилояти бошқармаси, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизматлари ҳам бу хабарнинг ҳақиқатга яқинлигини инкор этдилар.
Соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот-хизмати раҳбари Элдор Муҳаммадиев илгарироқ Спутник мухбири билан телефон орқали бўлган суҳбатда "Бу вилоят шаънига доғ тушириш мақсадида қилинган буюртма бўлган", — деган тахминни билдирган эди.
Қуйида Самарқанд вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот-хизмати раҳбари Элдор Муҳаммадиевнинг Спутник нашрига берган қисқа интервьюсини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
- Элдор ака, айтингчи, чет эл нашрларида тарқалиб кетган "самарқандлик мактаб ўқувчилари ёппасига гинеколог текширувидан ўтказиляпти", мазмундаги хабарлар қанчалик ҳақиқатга яқин?
— Айрим хорижий нашрлар орқали "Самарқанд вилоят бўйлаб 7-8 синф қизларнинг бокиралиги текширилмоқда" мазмунидаги сохта маълумотлар тарқатилди. Аммо, ўрта мактабларнинг юқори синф ўқувчи қизларини гинеколог текширувидан ўтказиш қонунан мумкин эмас. Асосийси, бу каби текширувлар вилят соғлиқни сақлаш бошқармасининг ваколат доирасига кирмайди. Мантиқан ўйлаб қарасак бу инсон ҳуқуқ ва манфаатларига ҳам зид эканлиги аниқ. Шу сабаб бундай текширувлаган ҳеч ким рухсат бермайди ва бу мумкин эмас.
- Бу миш-мишлар келиб чиқиши сабабини нима билан боғлайсиз? Ҳар ҳолда тарқалиб кетган хабарлар ота-оналарга оғир ботиши шубҳасиз.
— Тўғри бундай текширувлар ҳақидаги миш-мишлар албатта ҳар қандай ота-оналарга руҳий жароҳат етказиши аниқ.
Бошқармамиз томонидан ишлаб чиқарилган чора-тадбирлар асосида мактаб, МТМ, лицей ва коллежларда 7 турдаги тор соҳа мутахассислари яъни хирург, педиатр, ЛОР, окулист, эндокринолог, стоматолог, невропатолог иштирокида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказилади. Тадбир давомида қон, пешоб ва нажас таҳлиллари ўтказилиб, таҳлил натижаси асосида соғломлаштириш ишлари олиб борилади. Алоҳида такидламоқчиманки, ўтказиладиган тиббий кўриклар давомида гинекологлар ишторок этмайди.
Эшитишимча, ҳар бир шов-шув хабар учун "гапташувчи" яхшигина АҚШ доллари билан мукофотланар экан. Балки шу сабаб айрим журналистлар моддий манфаат учун фантазиялар яратиб, ёлғон маълумотларни тарқатаётгандир, яна билмадим.
- Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бу сингари хабарларга қандай муносабат билдиради?
— Инсон ғурур ва шаъни билан ўлчанадиган бундай маълумотларни ёритаётган шахс аввал унинг ҳаққонийлиги ҳақида озроқ суриштирса мақсадга мувоффиқ бўларди. Чунки, бу каби ёлғон хабар аҳолининг шифокорга бўлган ишончини сўндиради. Бу эса тиббий кўриклар ўтказилиши жараёнида катта қийинчиликлар туғдиради.