ТОШКЕНТ, 25 ноя – Sputnik. Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг "Туристик хизматларни сертификатлаштириш маркази" давлат унитар корхонаси томонидан янги давлат стандарти ишлаб чиқилди, деб хабар берди Ўзбекистон мусулмонлари идораси расмий портали.
Хабарда айтилишича, "Туристик хизматлар. Жойлаштириш воситалари. Умумий талаблар" бўйича стандарт 2018 йилнинг 1 январидан кучга кириши белгиланган.
Ўрнатилган қоидаларга кўра, ҳар бир меҳмонхонанинг умумий хоналар сонининг камида ўндан бирида Қуръони Карим, ибодат қилиш учун жойнамоз ҳамда камида 30 фоизида қибла кўрсатгичи бўлиши шарт.
Қайд этилишича, бу зиёрат туризмини ривожлантириш, мамлакатга ташриф буюраётган зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида амалга оширилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, илгарироқ Тошкент халқаро аэропортида намозхона ташкил этилгани маълум қилинганди.