ТОШКЕНТ, 3 ноя – Sputnik. Ўзбекистонда зиёрат туризми ассоциациясини ташкил этиш бўйича саъй-ҳаракатлар бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Миноваровга асосланиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда билдирилишича, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва мамлакатдаги етакчи сайёҳлик фирмалар иштирокида ишчи йиғилиш ўтказилди.
Ш.Миноваров мамлакатга келадиган сайёҳлар оқимини кўпайтириш йўналишида зиёрат туризми ташкил этилаётганини таъкидлади.
Шунингдек, мусулмон давлатлари, айниқса, Малайзия, Индонезия каби мамлакатлардан Ўзбекистондаги муқаддас қадамжоларга сайёҳларни жалб қилиш бўйича ишлар жадал кетаётганини алоҳида қайд этди.
Миноваровнинг сўзларига кўра, бу бўйича Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси, "Ўзбектуризм" ташкилоти билан ҳамкорликда амалий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Ўзбекистонда зиёрат туризми ассоциациясини ташкил этиш бўйича саъй-ҳаракатлар бошланган.
Мажлисда зиёрат туризми бўйича гидларни қайта тайёрлаш, маълумотнома китобчаларининг янги таҳририни нашр этиш, тарқатма материаллар, буклетлар, баннерлар, слайдлар тайёрлаш, муборак қадамжоларни зиёрат этиш одобларини ишлаб чиқиш, аэропорт ва виза бериш хизматларини енгиллаштириш ҳамда хорижий ҳамкорлар, элчихоналар билан алоқаларни ривожлантириш масалалари юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.