ТОШКЕНТ, 25 ноя — Sputnik. Россиянинг Туркиядаги элчиси Андрей Карловнинг ўлими бўйича тергов жараёни доирасида TRT "TRT Avaz" телеканалининг "Eko Avaz" дастури собиқ продюсери, "Гуру Медия" ноширлик гуруҳи раҳбари Х.А. ҳибсга олинди. Бу ҳақда Туркия ОАВларига таяниб Sputnik Қирғизистон хабар бермоқда.
2016 йил 19 декабрда Анқарадаги бадиий кўргазма очилиши маросимида турк полициячиси Мевлют Мерт Алтинташ Россия элчиси Андрей Карловни отиб ўлдирганди. Анқара прокуратураси қотиллик иши бўйича тергов ишларини бошлаганди. Ўтган ҳафтада тергов ишида кутилмаган бурилиш юз берди.
Анқара судига "Гуру Медия" ноширлик гуруҳи раҳбари Х.А. келтирилди ҳамда прокурор Адем Акинджи томонидан сўроқ қилинди. Хабар берилишича, сўроқдан сўнг жиноят суди уни ҳибсга олиш ҳақида ҳукм чиқарди. Унга қасддан қотиллик қилиш айблови эълон қилинди.
Маълумотларга кўра, Х. А. илгарироқ FETO доирасида ахборот фаолияти билан шуғулланганликда гумон қилиниб қўлга олинган. Гумондорнинг ўзи FETO билан алоқада бўлганлигини, аммо 2008 йилда алоқани узганлигини айтган. Тергов доирасида Х.А. 2012-2013 йилларда FETOнинг қидирувда бўлган аъзоси Ондер Айтач билан телефон орқали мулоқот қилганлиги аниқланган.
Туркия ОАВларининг ёзишича, Х. А. 2016 йил декабрида Москвада "Турк-Россия муносабатларига иқтисодий нигоҳ" номли конференцияни ташкил этган "Eurasian House" ташкилотининг бош директори бўлган.