ТОШКЕНТ, 24 ноя — Sputnik. Ўзбекистонда чиқиндиларни тўплаш тизимини фаолиятини тўлақонли йўлга қўйиш мақсадида 10 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди, деб хабар берди Sputnik мухбири.
Бунинг учун мамлакат бўйича 13 та "Тоза ҳудуд" давлат унитар корхоналари ва уларнинг 174 та туман (шаҳар) филиаллари ташкил этиб, 10 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Бундан ташқари, 482 та янги чиқиндиларни тўплаш майдончаларини қуриш бўйича 358 тасининг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилди. Давлат экология қўмитаси вакилларининг айтишларича, шундан 289 таси бўйича пудратчилар билан шартномалар имзоланиб, 261 таси бўйича қурилиш ишлари бошланди. 124 та объект бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда.
Шунингдек, йил охирига қадар давлат бюджети ҳисобидан 52,1 млрд.сўмлик 158 та ассенизация автомашиналари харид қилинади. Бугунги кунда "СамАвто" заводининг расмий дилерлари билан 122 та автомашинага умумий қиймати 32,2 млрд. сўмлик шартномалар имзоланди.
"Абонентларнинг электрон базасини тўлиқ шакллантириш, тўловларни қабул қилиш ва ҳисобини юритишнинг электрон "Биллинг" тизимини ҳамда чиқинди ташиш махсус техникалари ҳаракатини масофадан "он-лайн" режимда кузатиш (GPS) тизимини тўлиқ жорий этиш ишлари олиб борилмоқда", — деди давлат экология қўмитаси раиси ўринбосари Ойбек Адҳамжонов.
Республикада 2021 йилда маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари билан аҳолини қамраб олиш кўрсаткичини бугунги кундаги 63 фоиздан 93 фоизга етказиш режалаштирилган.