ТОШКЕНТ, 23 ноя — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикасига давлат ташрифи доирасида Корея Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси Пак Ёнгман билан учрашди.
"Бизда Корея бизнеси учун таклиф этадиган нарсалар кўп. Бугунги кунда мамлакатимизга ишончни ошириш, узоқ муддатли ва барқарор сиёсатни амалга ошириш, очиқ бизнес ва инвестиция муҳитини яратиш орқали инвесторларни жалб этишга қаратилган қатъий чоралар кўрилаётганини таъкидлашни истардим. Бу келгуси беш йил учун Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг энг муҳим устувор йўналишларидан биридир", — деб таъкидлади Мирзиёев.
Ўзбекистон президенти корейс компаниялари билан очиқ ва ошкора ҳамкорлик қилиш ниятида эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
"Мен сизнинг инвестицияларингизнинг ишончли ҳимоясини, мол-мулкингиз дахлсизлигини ва даромадни эркин ўтказишингизни кафолатлайман.
Биз шуни аниқ тушунамизки, бизнес ўзаро манфаатли бўлиши керак. Ҳар бир кореялик сармоядор бизнинг бозорда мамнуният билан ишлаган ҳолда, ўзига фойда олиш билан бирга юртимиз иқтисодиёти ривожига ҳисса қўшиши керак.
Биз Корея компаниялари учун энг қулай шарт-шароитларни яратиб бераётганимизни таъкидлайман ва биз сизни Ўзбекистонда узоқ муддатли ҳамкорлар сифатида кўришни исташимизни айтиб ўтмоқчиман.
Бу шунчаки сўзлар эмас. Бу менинг сиёсий иродам, менинг қатъий ва ўзгармас позициям", — деб таъкидлади Мирзиёев.
Ўз нутқи якунида Ўзбекистон раҳбари Ўзбекистон корея бизнеси учун ўз эшикларини кенг очганини маълум қилди.
"Мен ва Ўзбекистон ҳукумати ҳар бир корейс инвесторига биргаликдаги лойиҳаларимизда ҳар томонлама кўмак берамиз ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз. Бунга шубҳа йўқ". — деди Мирзиёев.