ТОШКЕНТ, 22 ноя — Sputnik. Жорий йилнинг 10 ойлиги давомида ҳудудлардаги 3124,5 км электр узатиш тармоқлари ва 1063 дона трансформатор пунктларини модернизация ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди.
Матбуот-анжумани давомида сўзга чиққан "Ўзбекэнерго" АЖнинг электр тармоқларидан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи Сунатилла Юсупов ҳудудларда юқори кучланишли подстанцияларда модернизация ва янгиларини ишга тушириш босқичма-босқич амалга оширилаётгани маълум қилинди.
Хусусан, Бухоро вилояти Пешку туманида Афшона подстанцияси янги қурилиб, ишга туширилгани, Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида Шўрчи подстанциясидаги 16 МВА трансформатор ўрнига 25 МВА трансформатор ўрнатилгани, Жиззах вилояти Зомин туманидаги ДНС-2 подстанциясидаги 25 МВА трансформатор ўрнига 40 МВАали трансформатор ўрнатилгани ҳақида хабар қилинди.
Шунингдек, Андижон вилояти Избосган тумани Пахтакор подстанциясидаги 16 МВА трансформатор 25 МВА трансформаторга, Наманган вилоятидаги Оби-ҳаёт подстанциясида 125 МВА куч трансформатори 200 МВА қувватли, Самарқанд вилоятидаги Самарқанд подстанциясида 125 МВА куч трансформатори 200 МВА қувватли трансформаторга алмаштирилгани ҳақида ахборот берилди.
"Куз-қиш мавсумида юзага келган носозликларни бартараф этиш мақсадида, республика бўйича 324та аварияни бартараф этиш бригадалари ташкил этилиб, улар алоқа воситалари ва 315та махсус автомашиналар билан таъминланди, шу билан бирга корхоналарда керакли материаллар, электр ускуналар ҳамда трансформатор мойи захиралари яратилди", — деди Юсупов.