ТОШКЕНТ, 22 ноя — Sputnik. Жорий йилнинг 2 октябрида Ўзбекистон Республикаси президенти раҳбарлигида ўтказилган йиғилишдаги топшириққа биноан, 70 кунлик фавқулодда ҳолат эълон қилинди, деди чоршанба куни ўтказилган матбуот-анжуманида журналистларга "Ўзбекэнерго" АЖнинг электр тармоқларидан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи Сунатилла Юсупов.
Юсуповнинг сўзларига кўра, 11 ноябрь куни ишчи гуруҳлар томонидан 2017-2018 йй қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати бўйича шартли равишда "яхши", "ўрта", "оғир" ва "ўта оғир" деб тоифаланган маҳаллалар ўрганиб чиқилган.
"Жами 9095та маҳаллалардан 8518таси "яхши", 548таси "ўрта", 41таси "оғир" маҳаллалар деб, шартли равишда тоифаланди. Ушбу шартли равишда тоифаланган "оғир" маҳаллаларда амалга ошириладиган чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, тасдиқланди", — деб аниқлик киритди Юсупов.
Чора-тадбирларга асосан, 41та белгилаб олинган маҳаллаларда жами трансформатор пунктларини алмаштириш ҳамда электр тармоқлари пунктларида мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилган.
Юсупов ушбу ишларга 1,3 млрд сўм маблағлар йўналтирилганлигини ҳамда режалаштирилган барча ишлар 10 декабрга қадар тўлиқ якунланиши таъминланишини маълум қилди.
"Ўзбекэнерго" вакилининг сўзларига кўра, бугунги кунда ушбу ишларнинг 70% бажарилган.