ТОШКЕНТ, 22 ноя — Sputnik. Инвестициялар бўйича Давлат қўмитаси ва Evergreen Motors компанияси ўртасида Ўзбекистонда Hyundai автомобилларини серияли ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш тўғрисида ўзаро англашув меморандуми имзоланди, деб хабар берди Sputnik мухбири.
Лойиҳанинг умумий қиймати 200 млн. доллар бўлиб, хорижлик ҳамкорлар томонидан инвестиция киритилиши режалаштирилмоқда. Афсуски томонлар ҳозирча қандай моделдаги автомобиллар ишлаб чиқарилиши ва қайси заводда ишлаб чиқарилиши ҳақида маълумот бермаган.
Evergreen Motors шунингдек, айрили юклагичлар ҳам ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. Қиймати 50 миллион долларлик мазкур лойиҳа "Ўзавтосаноат" билан ҳамкорликда амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирда республикада Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive Ўзбекистон-Франция автомобиль заводи қурилмоқда. Дастлабки маҳсулот муддатидан тўрт ой олдин – 2018 йил 10 декабрда чиқарилади.