ТОШКЕНТ, 22 ноя — Sputnik. Жанубий Кореянинг Chung Hospital госпитали Ўзбекистонда замонавий тиббиёт клиникасини қуришни режалаштирмоқда, деб хабар берди Sputnik мухбири.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбариятининг Жанубий Кореяга ташрифи доирасида мазкур лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувга эришилди. Ўзбекистон томони шунингдек Кореянинг Gachon University Gil Medical Center in Incheon, Myongji Hospital in Seoul, "Тиббиёт етакчилари корпорацияси ", Chonnam National University Hospital in Gwangju каби клиникалари билан ҳам музокаралар ўтказди.
"Учрашувлар давомида ўзбекистонлик талабаларнинг Кореяда таълим олишлари, Ўзбекистонда юқори технологияли ва замонавий клиникалар қуриш ҳамда икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди", — деб хабар берди Ўзбекистон президентининг Жанубий Кореяга ташрифини ёритиш бўйича матбуот маркази.
Музокаралар якунига кўра Соғлиқни сақлаш вазирлиги "Тиббиёт етакчилари корпорацияси" ва Gachon University Gil Medical Center in Incheon билан ўзаро тажриба алмашиш, Кореяда ўзбек шифокорларининг малакасини ошириш, корейс мутахассислари иштирокида Ўзбекистонда мастер-класслар ўткази ва телемедицинани ривожлантириш бўйича меморандумлар имзолади.
Тез орада Myongji Hospital in Seoul ва Chonnam National University Hospital in Gwangju билан ҳам шартномалар имзоланиши кутилмоқда.
Шунингдек, Тошкентда мамлакат тарихида илк бор тиббиёт соҳасида мутахассислар тайёрловчи хорижий олий таълим муассасасининг филиали пайдо бўлиши мумкин. Кореянинг Инха университети тиббиёт мактабига мазкур лойиҳани амалга ошириш таклиф этилди.
Ўзбекистон ва Жанубий Корея филиал ҳамда Инха университетининг ихтисослашган тиббиёт клиникаси очилиши билан боғлиқ масалаларни ўрганиш бўйича ишчи комиссия тузишга келишиб олди.